>

Алоуддин Мансур — 563

67:13 (Эй инсонлар), сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар (ҳар ҳолда Аллоҳ билиб турур). Албатта У диллардаги сирларни билгувчидир.

67:14 (Ахир) яратган Зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) Огоҳдир.

67:15 У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни ҳокисор-бўйсунгувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, (ер)нинг ҳар томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат билан, ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар. Ёлғиз Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш — қайтиш бордир.

67:16 (Эй Макка кофирлари,) ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар,) осмондаги Зот сизларни Ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, (сизларни босиб) қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?![2]

67:17 Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали (азобга гирифтор қилинганларингизда) Менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб олажаксизлар!

67:18 Дарвоқеъ, улардан аввалги кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгандилар. Бас, Менинг инкорим — азобим қандоқ бўлди?!)

67:19 Улар устларида (қанотларини) ёйгувчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмадиларми?! У (қуш)ларни ёлғиз Раҳмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта У барча нарсани кўриб тургувчидир.

67:20 (Эй мушриклар), Раҳмондан ўзга сизларга ёрдам берадиган, сизлар учун қўшин-ёрдамчи бўлган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон мададкор йўқдир). Кофирлар эса фақат ғурур-алданишдадирлар. (Шунинг учун улар ўзлари сиғинаётган бут-санамларга уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олади, деб ҳисоблайдилар).

67:21 Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон ризқ-рўз бергувчи йўқдир). Йўқ, улар (кофирлар) катта кетишда ва (ҳақдан) йироқлашишда давом этдилар.

67:22 Ахир юз тубан (яъни, оёғининг остидан ўзга ёққа қарамасдан) юрадиган кимса Ҳақ йўлни топгувчироқми ёки қадди рост ҳолида Тўғри Йўлда юрадиган кишими?![3]

67:23 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у кофирларга) айтинг: «У (Аллоҳ) сизларни (йўқдан) пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ-кўзлар ва дилларни (ато) қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар».

67:24 Айтинг: «У сизларни Ер юзида яратиб қўйган Зотдир. Сизлар (Қиёмат Кунида) ёлғиз Унга тўпланурсизлар».

67:25 Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), ушбу ваъда (қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?», дерлар.

67:26 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлантиргувчидирман, холос».