>

Алоуддин Мансур — 562

67:1 (Барча оламлар) подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган Зот — Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир.

67:2 (Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраттан Зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир.[1]

67:3 (У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдирки, сиз У Раҳмоннинг (Меҳрибон зотнинг) яратишида бирон тафовут-нуқсонни кўрмассиз. Энди кўзингизни яна (самога) қайтаринг-чи, (унда) бирон футур-ёриқни кўрармикансиз?

67:4 Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қайтаринг, кўзингиз сизга чарчаб, ҳолдан тойган ҳолда қайтур (аммо Аллоҳ таоло яратган осмонлардан бирон айб-нуқсон топа олмас).

67:5 Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (Охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз.

67:6 Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!

67:7 Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграшидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар.

67:8 У ғазабдан бўлиниб-парчаланиб кетгудек бўлур. Ҳар қачон унга бир тўда (кофир) ташланганида унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи — пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида,

67:9 Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз».

67:10 Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантиргувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар.

67:11 Мана улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар! Энди у дўзах эгаларига ҳалокат бўлгай!

67:12 Албатта ғайбдаги (кўзларига кўринмайдиган) Парвардигорларидан қўрқадиган зотлар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бордир.