Алоуддин Мансур — 561
66:8 Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки, Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар.
66:9 Эй Пайғамбар, сиз кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир! Нақадар ёмон оқибат бу!
66:10 Аллоҳ кофир бўлган кимсалар (ва уларни мўминлар билан бирга ҳаёт кечиришлари ҳам Аллоҳнинг азобидан қутқара олмаслиги) ҳақида Нуҳнинг аёли ва Лутнинг аёлини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банда қўл остида эдилар. Бас, у (аёл)лар (Нуҳ ва Лутга) хиёнат қилган эдилар, (Нуҳ ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирон нарсани у иккисидан дафъ қила олмадилар ва (уларга) «Киргувчилар билан бирга дўзахга киринглар!», дейилди.
66:11 Аллоҳ иймон келтирган зотлар (ва улар ўзлари ҳақиқий мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир ҳолда бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтирди. Ўшанда (яъни, Фиръавн у аёлнинг Мусо пайғамбарга иймон келтирганини билиб қолгач, азоблаган чоғида) у: «Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда — жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин», деди.
66:12 Яна (иймон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни — Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Аллоҳнинг амрига) итоат этгувчилардан бўлди.