>

Алоуддин Мансур — 560

66:1 Эй пайғамбар, нега сиз жуфтларингизнинг розилигини истаб Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.[1]

66:2 Дарвоқеъ, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат-эваз тўлаб) қасамларингиздан қутулиб чиқишни буюрган-ку. Аллоҳ Хожаларингиздир. У билгувчидир ва ҳикмат Соҳибидир.[2]

66:3 Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди — билдирмади. Бас, қачонки (Пайғамбар Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Ким сизга бу хабарни берди?», деган эди, (Пайғамбар): «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди.

66:4 (Эй Ҳафса, Оиша) агар сизлар (бу қилмишларингиз учун) Аллоҳга тавба қилсангизлар (ўзларингизга яхшироқ бўлур). Чунки сизларнинг дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди! (Аммо) агар сизлар (Пайғамбарнинг) зиёнига (яъни, у зот билан аёллари ўртасини бузадиган ишлар устида) бир-бирингизга ёрдам берсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг мададкоридирлар. Яна, булардан кейин фаришталар ҳам (Пайғамбарга) ёрдамчидир.

66:5 Эҳтимол Парвардигори — агар у сизларни талоқ қилса — унга сизлардан яхшироқ жуфтларни муслима, мўмина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига) итоат этгувчи, тавба-тазарру қилгувчи, обида (мудом Аллоҳнинг йўлида) кетгувчи жувон ва қизларни алмаштириб берур.[3]

66:6 Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур.

66:7 (Кофирлар дўзахга киритилар эканлар, уларга дейилур): «Эй кофирлар, бугун узр айтмай қўя қолинглар, (чунки энди ҳар қандай узр-баҳона бефойдадир)! Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланмоқдасизлар!