Алоуддин Мансур — 56
3:46 У одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур. Ва (у) солиҳ бандалардандир».
3:47 Марям: «Парвардигорим, менга одамзод тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?», деди. Аллоҳ айтди: «Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: «Бўл!», дейди. Бас, у иш бўлади».
3:48 Ва унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат илмини, Таврот ва Инжилни таълим беради.[11]
3:49 Уни Бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо Бани Исроилга дейди): «Мен (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигим ҳақида) сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб беришга қодирман. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир».
3:50 «(Мен) сизларга ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда, сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!
3:51 Албатта, Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир!»
3:52 Энди қачонки Ийсо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунгувчилармиз.