Алоуддин Мансур — 558
65:1 Эй Пайғамбар, қачон сизлар (яъни, мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни, поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар! Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқинглар! (То иддалари тугагунча) уларни (ўзлари яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқарманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни (яъни, бузуқлик ёки беҳаёлик каби қилиқларни) қилсаларгина, (яшаб турган уйларидан ҳайдаб чиқарилурлар). Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки, у ўзига зулм қилибди. Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бу (талоқ)дан кейин бирон ишни пайдо қилар.[1]
65:2 Энди қачон (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар (яъни, қайта никоҳлларингизга олинглар) ёки яхшилик билан (яъни, ҳаққи маҳрларини бериб) ажрашинглар. Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар ва (гувоҳ бўлгувчилар) гувоҳликни Аллоҳ учун тўкис адо қилинглар! Бу (ҳукм)дан фақат Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтиргувчи бўлган киши панд-ибрат олур. Ким Аллоҳдан қўрқса (яъни, юқорида мазкур бўлган талоқ қилиш қонун-қоидаларига Аллоҳдан қўрққани учун риоя этса), У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур.
65:3 Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир. (Унинг хоҳишига қарши тургувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир (яъни, ҳаётда рўй берадиган ҳар бир яхши-ёмон воқеа-ҳодиса ёлғиз Аллоҳ хоҳлаган — белгилаган вақт ва ўлчовда рўй беради).
65:4 Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас, (билингиз-ки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир). Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни, кўз ёришларидир). Ким Аллоҳдан қўрқса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур.
65:5 Бу Аллоҳнинг сизларга нозил қилган ҳукмидир. Ким Аллоҳдан қўрқса, (Аллоҳ) унинг ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва унинг ажр-мукофотини улуғ қилур.