>

Алоуддин Мансур — 557

64:10 Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар — ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда мангу қолгувчидирлар. Нақадар ёмон оқибат (бу)!

64:11 (Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.

64:12 Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга бўйсунингиз! Энди агар (итоатдан) бош тортсангаз, у ҳолда (билингизки), пайғамбаримиз зиммасида фақат (Бизнинг ваҳийларимизни сизларга) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос.

64:13 Аллоҳ — ҳеч қандай Аллоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар — суянсинлар!

64:14 Эй мўминлар, албатта жуфтларингиз ва болаларингиздан сизлар учун душман бўлганлари ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар! Агар сизлар уларни афв этсанглар, кечириб юборсанглар ва мағфират қилсанглар, у ҳолда албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.[1]

64:15 Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос. Улуғ ажр-мукофот эса ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир.

64:16 Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар.

64:17 Агар сизлар Аллоҳга қарзи-ҳасана берсангизлар (яъни, Унинг мискин-бечора бандаларига инфоқ-эҳсон қилсангизлар) У зот сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва сизларни(нг гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ ўта шукр қилгувчи (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато этгувчи) ва ҳалимдир.

64:18 (У) ғайбу шаҳодатни (яъни, барча яширин ва ошкор ишларни) билгувчи, қудрат ва ҳикмат Соҳибидир.