>

Алоуддин Мансур — 555

63:5 Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар», дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз.[2]

63:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми уларга баробардир — Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас! Албатта Аллоҳ бундай фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.

63:7 Улар (ўзларининг тобеъларига): «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи улар тарқалиб кетсинлар», дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки, осмонлар ва Ер хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар.

63:8 Улар: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур», дерлар. Ҳолбуки, куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар.

63:9 Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!

63:10 Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам», деб қолишдан илгари, Биз сизларга ризқ қилиб берга нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!

63:11 Аллоҳ бирон жонни ажал келган вақтида (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.