Алоуддин Мансур — 553
62:1 Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса (ёлғиз) подшоҳ, (барча айб-нуқсондан) пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур.
62:2 У (Аллоҳ) омийлар (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларида бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб — Қуръон ва Ҳикмат — Ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига пайғамбар келишдан) илгари очиқ залолатда эдилар.
62:3 (Аллоҳ бу пайғамбарни) яна улардан бошқаларга — уларга ета олмаган (энди дунёга келадиган барча инсонларга ҳам юборгандир). У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир.
62:4 Бу (яъни, барча инсониятга пайғамбар бўлиш) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир.
62:5 Таврот юкланган — берилган, сўнгра уни кўтара олмаган (яъни, унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, унинг вазминлигидан чарчаб-толадилару, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар). Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!
62:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Эй яҳудийлар, агар сизлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Аллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангизлар — агар (мана шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар — ўлимни орзу қилинглар-чи?
62:7 Улар қўллари (яъни, ўзлари) қилиб қўйган ишлари (яъни, Тавротда ҳақ пайғамбар эканликлари зикр қилинган Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни ёлғончи қилганлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Аллоҳ золим кимсаларни билгувчидир.
62:8 Айтинг: «Сизлар қочаётган бу ўлим албатта сизларга йўлиққувчидир. Сўнгра сизлар ғайбу-шаҳодатни (яъни, барча яширин ва ошкора нарса-амалларни) билгувчи (Аллоҳ)га қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!»