>

Алоуддин Мансур — 552

61:6 Эсланг, Ийсо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди. Бас, қачонки (Ийсо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар.

61:7 Ўзи Исломга даъват қилинаётган ҳолида, (у даъватни қабул қилиш ўрнига) Аллоҳ шаънига («У зотнинг боласи бор, шериклари ҳам бор», деб, ёки Аллоҳнинг оят-мўьжизаларини «Бу сеҳр», деб) ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!

61:8 Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни, динини) тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйгувчидир.

61:9 У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир.

61:10 Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми?

61:11 (Ўша «тижорат» мана будир) — Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирурсизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қилурсизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши (иш)дир.

61:12 (Агар шундай қилсангизлар, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга ва абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур. Бу эса улуғ бахтдир.

61:13 Ва (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлган ғалаба ва яқин(да рўй бергувчи Макка) фатҳидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!

61:14 Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлингиз! — Ийсо бинни Марям ҳаворийларга: «Аллоҳга (яъни, Унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлур?», деганида, ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз». Бас, Бани Исроилдан бир тоифа (одамлар Ийсога) иймон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз иймон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар.