>

Алоуддин Мансур — 551

60:12 Эй пайғамбар, қачон сизнинг олдингизга мўминалар келишиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, (камбағаллик ёки шарманда бўлишдан қўрқиб) ўз болаларини ўлдирмасликларига ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликларига (яъни, фарзандсизлик сабабли ўз эрларидан ажралиб қолмаслик учун бирон ташландиқ болани топиб, гўё у қўл-оёқлари ўртасидан чиққандек, яъни ўзлари туққандек эрларига «Мана шу бола сендан бўлди», деб бўҳтон қилмасликка) ҳамда бирон яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар, сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

60:13 Эй мўминлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўст бўлманглар! Худди барча кофирлар қабр эгалари (яъни, ўликларнинг қайта тирилишлари)дан ноумид бўлганларидек уларнинг ҳам Охиратдан умидлари узилгандир.

61:1 Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтди. У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир.

61:2 Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?!

61:3 Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир).[1]

61:4 Албатта Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар.

61:5 Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, нега сизлар мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканлигимни билган ҳолларингизда менга озор берурсизлар?!», деган эди. Бас, қачонки улар (Ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди. (Зотан), Аллоҳ фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.[2]