>

Алоуддин Мансур — 55

3:38 Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта, Сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан».

3:39 Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур».

3:40 «Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?», деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур».

3:41 Парвардигор, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги — аломат қилсанг», деди у. Аллоҳ айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!»[9]

3:42 Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди.

3:43 Ё Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни, ибодат қил!») — деганларини эсланг!

3:44 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ғайб хабарларидан бўлган бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билишлик учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз.

3:45 Эсланг (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), фаришталар дедилар: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сенга Ўзининг Сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлиб, дунё-ю Охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир.[10]