Алоуддин Мансур — 546
59:4 Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки Аллоҳга қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.
59:5 (Эй мўминлар), сизлар (Бану Назийр хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз поясида турган ҳолида қолдирдингларми, бас, (сизлар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни расво қилиш учун (бўлди).
59:6 Аллоҳ Ўз пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсаларнинг устига сизлар оту туяларни ўйнатиб-чоптириб борганларингиз йўқ (яъни, у ўлжаларни сизлар қийналиб, машаққат чекиб, жанг-жадал билан қўлга киритганларингиз йўқ), лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан (мана шундай) устун қилиб қўюр. Аллоҳ барча нарсага қодирдир.
59:7 Аллоҳ қишлоқ-шаҳарларнинг (кофир) аҳолисидан Ўз пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар — токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун — Аллоҳники, пайғамбарники ва (пайғамбарнинг) қариндош-уруғлари, етимлар, бечора-мискинлар ва йўловчи-мусофирларникидир. Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир.
59:8 (У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир.
59:9 Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир.[2]