>

Алоуддин Мансур — 545

58:22 Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ — Қуръон билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан — У зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотларгина) нажот топгувчидирлар!

59:1 Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтди. У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир.

59:2 У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи тўплашдаёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган Зотдир. (Эй мўминлар), сизлар уларнинг чиқиб кетишларини ўйлаган ҳам эмас эдингиз. Улар ҳам ўзларининг қўрғон-қалъаларини Аллоҳ(нинг азобидан) тўсгувчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузурлар. Бас, эй ақл эгалари, (уларнинг аҳволидан) ибрат олингиз![1]

59:3 Агар Аллоҳ уларга сургунни ёзмаганида, албатта уларни мана шу дунёда (қатл қилиш ёки асирлик билан) азоблаган бўлур эди. Улар учун Охиратда дўзах азоби ҳам бордир.