>

Алоуддин Мансур — 544

58:12 Эй мўминлар, қачон сизлар пайғамбар билан сирлашмоқ — суҳбатлашмоқни истасангизлар, суҳбатларингиз олдидан (камбағал-мискинларга) бирон хайр-садақа тақдим этинглар. Бу ўзларингиз учун яхшироқ ва (гуноҳларингизни) поклагувчироқдир. Энди агар (садақа қилгудек нарса) топа олмасангизлар, у ҳолда албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.

58:13 Суҳбатларингиз олдидан хайр-садақалар тақдим этишдан (камбағал бўлиб қоламиз, деб) қўрқдингларми? Бас, сизлар (хайр-садақа) қилмаган экансизлар ва Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилган экан, энди намозни тўкис адо этинглар ва закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

58:14 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларни) дўст тутган кимсаларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан (яъни, мусулмонлардан) ҳам, улардан (яъни, яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида, («Бизлар мусулмонлармиз», деб) қасам ҳам ичурлар.

58:15 Аллоҳ улар учун қаттиқ азобни тайёрлаб қўйгандир! Дарҳақиқат, уларнинг қилган амаллари нақадар ёмондир!

58:16 Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олишиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун хор қилгувчи азоб бордир!

58:17 Уларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ томонидан (бўладиган) бирон нарсани-азобни улардан дафъ қила олмас. Улар дўзах эгаларидир. Улар, ўша жойда мангу қолгувчидирлар!

58:18 У Кунда (яъни, Қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, улар худди сизларга қасам ичаётганларидек, У зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларини (шу ёлғон қасамлари сабабли) бирон (фойда) устида деб ҳисобларлар. Огоҳ бўлингизким, албатта улар ғирт ёлғончи кимсалардир!

58:19 Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳни эслашни унуттирди. Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта шайтон ҳизби (бўлган кимсаларгина) зиён кўргувчилардир.

58:20 Албатта Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар — ана ўшалар энг хор кимсалар қаторидадирлар!

58:21 Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузга): «шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир.