Алоуддин Мансур — 543
58:7 Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани аниқ билишини кўрмадингиз — билмадингизми! Уч кишининг ўзаро шивир-шивирлари бўлса, албатта У зот уларнинг тўртинчисидир, беш кишининг (ўзаро шивир-шивирлари бўлса), албатта У зот уларнинг олтинчисидир. (Ўзаро сирлашаётган кишилар) бундан оз бўладими, ё кўп бўладими, албатта У зот қаерда бўлсалар ҳам улар билан биргадир. Сўнгра, Қиёмат Кунида уларга қилган амалларининг хабарини берур. Албатта Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.
58:8 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўзаро шивир-шивирдан қайтарилганларидан сўнг яна ўзлари қайтарилган нарсага қайтадиган ҳамда гуноҳ, зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивирлашадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қачон улар сизнинг олдингизга келсалар, сизга бир ибора билан салом берурларки, Аллоҳ сизга ўша (сўз) билан салом бермаган эди. Яна ўзларича: «Нега айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаяпти? (Агар Муҳаммад ҳақ пайғамбар бўлганида, албатта Аллоҳ бизларни азобга гирифтор қилган бўлур эди)», дерлар. Уларга ўзлари кирадиган жаҳаннам (азоб тўғрисида) кифоя қилар! Бас, нақадар ёмон оқибат (бу)![3]
58:9 Эй мўминлар, сизлар ўзаро шивирлашиб гаплашганларингизда, гуноҳ ва зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида шивирлашманглар, (балки) яхшилик ва тақво ҳақида шивирлашинглар ҳамда сизлар ҳузурига тўпланадиган Зот — Аллоҳдан қўрқинглар!
58:10 (Яҳудий ва мунофиқларнинг) ўзаро шивир-шивирлари фақат шайтон томонидан бўлиб, иймон келтирган зотларни ғамгин қилиш учундир. (Лекин) у Аллоҳнинг изни-иродасисиз уларга бирон зиён етказа олгувчи эмасдир. Бас, мўминлар, ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар — суянсинлар!
58:11 Эй мўминлар, қачон сизларга (мажлис-суҳбатларда дўст-биродарларингиз келиб: «Бизларга ҳам шу мажлисдан) жой беринглар», дейилса, дарҳол жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам (Ўз жаннатидан) жой берур. Ва қачон «(ўринларингиздан) туринглар», дейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.[4]