>

Алоуддин Мансур — 542

58:1 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир.[1]

58:2 Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз, улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар. (Лекин) Аллоҳ шубҳасиз, афв этгувчи ва мағфират қилгувчидир.[2]

58:3 Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида) (эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

58:4 Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бордир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун (нозил қилинди). Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадлари — қонунларидир. Ва (бу қонунларни инкор этгувчи) кофирлар учун аламли азоб бордир.

58:5 Албатта Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиқадиган кимсалар худди ўзларидан аввалгилар ҳалок қилингани каби ҳалок қилинурлар. Дарвоқеъ, Биз очиқ-равшан оятлар нозил қилдик. (Мана шу оятларни инкор этгувчи) кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир.

58:6 (Ўша кофирлар азобга дучор қилинадиган) Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (ҳаёти дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб-битиб қўйди, улар эса унутиб юбордилар. Аллоҳ барча нарса устида гувоҳдир.