Алоуддин Мансур — 540
57:19 Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар — ана ўшалар Парвардигорлари ҳузурида сиддиқлар (яъни, жуда ростгўй зотлар) ва шаҳидлар (мақомида)дирлар. Улар учун (Охиратда) ажр-мукофотлари ва (уларнинг йўлларини ёритиб борадиган) нурлари бўлур. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар — улар дўзах эгаларидир!
57:20 Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир.
57:21 (Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу (яъни, ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир.
57:22 На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир.[3]
57:23 Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас.
57:24 Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахил бўлишга буюрадиган-чақирадиган кимсалардир. Ким (бахиллик қилиб инфоқ-эҳсон қилишдан) юз ўгириб кетса, у ҳолда албатта Аллоҳнинг Ўзи (барча оламдан) беҳожат ва ҳамду санога лойиқ Зотдир.