Алоуддин Мансур — 54
3:30 Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган Кунни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир.
3:31 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир».[6]
3:32 Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларни севмас.
3:33 Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим хонадонини ва Имрон хонадонини бутун оламлар устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди.
3:34 Уларнинг бировлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
3:35 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта, Сен эшитгувчи, билгувчисан», деганини эсланг!
3:36 Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». — Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (яъни, бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир. — «Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».[7]
3:37 Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?», деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта, Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур».[8]