>

Алоуддин Мансур — 539

57:12 Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни, қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)! (Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар — остидан дарёлар оқиб турадиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу улуғ бахтнинг ўзидир!»

57:13 У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар, (уларга) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилур. Сўнг улар (билан мўминлар)нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳмат-жаннат, ташқарисида-олдида эса азоб-дўзах бўлур.

57:14 Улар (мўминларга) «Биз (ҳаёти дунёда) сизлар билан бирга эмасмидик», деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: «Ҳа, (кўринишда биз билан бирга эдинглар), лекин сизлар (мунофиқлик билан) ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва (бизларга бало-офатлар етишига) кўз тутдинглар ҳамда (Исломнинг ҳақ «дин эканлиги тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри (яъни, ўлим) келгунича сизларни (ҳали умр узоқ эканлиги, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечиб юборавериши каби) хомхаёллар алдади. Сизларни Аллоҳ ҳақида (У зотнинг карами кенг, ҳеч қачон Ўзи яратган бандаларни азобга гирифтор қилмайди, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўйди».

57:15 Мана Бугун сизлардан ҳам, (эй мунофиқлар), кофир бўлган кимсалардан ҳам (дўзах азобидан қутулишларингиз учун) бирон тўлов олинмас. Жойларингиз дўзахдир! У сизларга энг муносиб жойдир! Нақадар ёмон оқибат (бу)![2]

57:16 Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ — Қуръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар!

57:17 (Эй мўминлар), билингларки, албатта Аллоҳ ўлган Ерни тирилтирур (яъни, Аллоҳ қуриб-қақшаб ётган Ерни ёмғир билан «тирилтиргани» каби сизларнинг дилларингизни ҳам Аллоҳнинг зикри ва Қуръон тиловати билан юмшатур). Мана Биз ақл юргизишларингиз учун сизларга (Ўз қудрати илоҳийямизга далолат қиладиган) оятларни батафсил баён қилдик.

57:18 Албатта садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берганлар учун (берган хайру садақалари) бир неча ҳисса қилиб қайтарилур ва улар учун улуғ ажр-мукофот бордир.