>

Алоуддин Мансур — 535

56:17 Устларида эса мангу ёш (яъни, ҳеч қаримайдиган) болалар (қадаҳларни) айлантириб турурлар.

56:18 Оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни (айлантириб турурлар).

56:19 У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар.

56:20 Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева;

56:21 Ҳамда иштаҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур).

56:22 Яна (улар учун) оҳу кўз ҳурлар бордир.

56:23 Худди яшириб қўйилган марварид мисол (оҳу кўз ҳурлар бордир).

56:24 (Бу) улар (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.

56:25 Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар,

56:26 фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар).

56:27 Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!

56:28 (Улар) тикансиз бутазорларда.

56:29 Тизилган бананзорларда.

56:30 Ёйилган соя (ости)да.

56:31 Оқизиб қўйилган сув (усти)да.

56:32 Кўпдан-кўп (турли туман) мева-чева (ости)да.

56:33 (У мевалар) тугаб қолмайди ва манъ ҳам этилмайди.

56:34 Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар.

56:35 Дарвоқеъ, Биз уларни (оху кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни, улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар).

56:36 Сўнг (уларни ўнг томон эгалари учун) бокира қизлар қилиб қўйдик.

56:37 (Улар ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли (ҳурлардир).

56:38 (Уларни) ўнг томон эгалари учун (қилдик).

56:39 (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) аввалги (уммат)лардан ҳам кўпчилик,

56:40 кейингилардан (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом умматларидан) ҳам кўпчилиқдир.

56:41 Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!

56:42 (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида;

56:43 Bа қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар.

56:44 (У «соя») на салқин, на фойдалидир.

56:45 Дарвоқеъ, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёда хирсу ҳавасга муккадан кетган) боёнлар эдилар.

56:46 Улар улуғ гуноҳ (яъни, ширк) устида оёқ тираб турар эдилар.

56:47 Ва: «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилгувчимизми,

56:48 аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!», деб (масхара қилар) эдилар.

56:49 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам

56:50 Маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар.