Алоуддин Мансур — 534
55:70 У (жаннат)ларда хушхулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир.
55:71 Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
55:72 (Улар) чодирларда асралган ҳурлардир.
55:73 Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
55:74 Уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир.
55:75 Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
55:76 (Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар).
55:77 Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!
55:78 Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг номи баракотли — буюкдир.
56:1 Қачон Воқеа — Қиёмат воқеъ бўлса,[1]
56:2 У воқеъ бўлган чоғда бирон ёлғон сўзлагувчи бўлмас.
56:3 (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилгувчи, (мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилгувчидир.[2]
56:4 (У кунда) Ер (қаттиқ) ларзага келди;
56:5 Тоғлар титилди;
56:6 Ва чанг-тўзонга айланди.
56:7 Ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолдингизлар.
56:8 Бас, (у уч тоифадан биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир![3]
56:9 (Иккинчи тоифа) шум-чап томон эгаларидир. Шум-чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!
56:10 (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлгувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлгувчи зотлардир!
56:11 Ана ўшалар (Аллоҳ таолога) яқин қилингувчилардир.
56:12 (Улар) ноз-неъмат боғларидадирлар.
56:13 (У пешқадамлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик,
56:14 кейингилардан (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом умматларидан) эса оздир.[4]
56:15 (Улар олтиндан) тўқилган сўриларда
56:16 ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўлтирурлар).