>

Алоуддин Мансур — 530

54:28 Ва сувнинг улар (билан туя) ўртасидаги тақсимлаб қўйилгани (яъни, сувдан бир кун улар ичсалар, бир кун туя ичишлиги лозим эканлиги) ва ҳар бир ичишга (навбат келганида) ҳозир бўлиниши ҳақида уларга хабар бергин!

54:29 Сўнг улар (Самуд қабиласи) ўзларининг бир шерикларини (туяни ўлдириш учун) чорлаган эдилар, у (келиб қиличини) олди-да, (туяни) сўйиб юборди.

54:30 Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!

54:31 Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига бир даҳшатли қичқириқ юборган эдик, улар худди (қўйлари учун) қўра ясовчининг (қўрасидан тўқилган) хас-хашак каби бўлиб қолдилар.

54:32 Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?

54:33 Лут қавми (у келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди.

54:34 Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Магар Лут хонадонигагина тонг-саҳарда нажот бердик.

54:35 (Бу нажот) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган бир неъматдир. Шукр қилган кишиларни Биз мана шундай мукофотлаймиз.

54:36 Аниқки, (Лут) Бизнинг (азоб билан) ушлашимиздан уларни (яъни, ўз қавмини) огоҳлантирган эди, (аммо) улар огоҳлантиришлардан шубҳаланиб, (ёлғон дедилар).

54:37 Аниқки, улар (Лутнинг) меҳмон(лар)ини йўлдан урмоқчи бўлдилар. Бас, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик: «Энди Менинг азобимни ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!»

54:38 Ҳақиқатан, эрта тонгда уларга барқарор-мангу азоб келди.

54:39 Энди Менинг азобимни ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!

54:40 Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?!

54:41 Аниқки, Фиръавн хонадонига ҳам огоҳлантиришлар келди.

54:42 Улар Бизнинг барча оят-мўъжизаларимизни ёлғон деганларидан сўнг, Биз уларни кучли-қудратли Зотнинг ушлаши билан ушладик (яъни, барчаларини денгизга ғарқ қилиб, юбордик!)

54:43 (Эй Макка аҳли), сизларнинг кофирларингиз ана ўшалардан яхшироқми-ортиқроқми, ёки сизлар учун (самовий) китобларда ора очиқлик (васиқаси) борми (яъни, сизлар кофир бўлиб, ўз пайғамбарларингизни ёлғончи қилсангизлар ҳам ҳеч қандай азоб-уқубатга йўлиқмасликларингиз тўғрисида васиқаларингиз борми)?!

54:44 Балки, улар: «Биз ғолиб жамоатдирмиз», дейишар?!

54:45 Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар![3]

54:46 (Бугина эмас), балки уларга (мангу азоб учун) ваъда қилинган вақт (Қиёмат) соатидир. У соат янада балолик, янада аччиқдир!

54:47 Албатта жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар.

54:48 Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!», (дейилур).

54:49 Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик.