>

Алоуддин Мансур — 53

3:23 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Китобдан (Тавротдан) насибадор бўлган кимсалар ораларида ҳакамлик қилсин учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларни, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетганларини кўрмадингизми?[2]

3:24 Бунга (яъни, адолатли ҳукмдан юз ўгиришларига) сабаб уларнинг: «Бизга фақат саноқли кунлардагина дўзах ўти тегади», дейишларидир. Ўзлари тўқиган бу ёлғонлари уларни динларидан адаштириб қўйди.[3]

3:25 Энди уларни ҳеч шак-шубҳасиз, келадиган Кунга тўплаганимизда ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолда қилган амаллари учун тўла жазо-мукофот берилганда қандай бўларкин?!

3:26 Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳ, Сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен барча нарсага қодирсан.[4]

3:27 Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан».[5]

3:28 (Модомики, барча иш — бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак), мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳ томонидан ҳеч нарсада эмас (яъни, Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир), Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз.

3:29 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ билур. Ва (шунингдек, У зот) осмонлар ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир».