Алоуддин Мансур — 529
54:7 Улар (кофирлар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида гўё ёйилган чигирткалар каби, қабрларидан чиқиб келурлар!
54:8 Чорлагувчи томонига шошганларича кетар эканлар, у кофирлар «Бу оғир кундир», дерлар.
54:9 Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳнинг қавми ҳам (уни) ёлғончи қилган эди. — Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишиб: «(У) бир мажнун», дедилар ва у (ўз пайғамбарлик вазифасини адо этишдан) тўсиб қўйилди.
54:10 Шунда у Парвардигорига: «Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман. Ўзинг ёрдам қилгин», деб дуо-илтижо қилган эди.
54:11 Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилгувчи сув — сел билан очиб юбордик.
54:12 Ва барча ердан чашмалар чиқариб юбордик. Бас, (осмон ва Ернинг) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш (яъни, кофирларни ғарқ қилиб юбориш) устида учрашдилар!
54:13 Уни (Нуҳни) эса тахта-ю, михлар эгасида (яъни, тахталар ва михлардан ясалган бир кемада) кўтардик.
54:14 У (кема) Бизнинг кўз ўнгимизда (ҳифзу-ҳимоямизда) сузар. (Бу ўз қавми томонидан пайғамбарлиги) инкор қилинган киши (яъни, Нуҳ пайғамбар) учун мукофотдир.[2]
54:15 Дарҳақиқат, Биз у (Тўфон балоси)ни бир оят-ибрат қилиб қолдирдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?!
54:16 Бас, Менинг (пайғамбарларимни ёлғончи қилган кимсаларга кўрсатган) азобим ва огоҳлантириш қандоқ бўлди?!
54:17 Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?
54:18 Од (қабиласи ҳам ўзларига юборилган Ҳуд пайғамбарни) ёлғончи қилди. Бас, Менинг азобим огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
54:19 Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига бир давомли нахс кунида (яъни, нахс-шумлиги ҳеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки,
54:20 у одамларни гўёки улар суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетур.
54:21 Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
54:22 Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?!
54:23 Самуд (қабиласи ҳам Солиҳ пайғамбар келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди.
54:24 Бас, улар айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга (пайғамбар деб) эргашурмизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва аҳмоқлик-нодонликда бўлурмиз-ку!
54:25 Бизларнинг орамиздан ана ўшанга эслатма — ваҳий ташланибдими?! Йўқ, у ҳаддан ошган ёлғончидир».
54:26 Улар эртага (Охиратда) ким ҳаддан ошган ёлғончи эканлигини билиб олажаклар.
54:27 Албатта Биз уларни имтиҳон қилиш учун бир туя юборгувчидирмиз. Бас, (эй Солиҳ), сен (уларнинг қилмишларини) кузатиб ва (озор-азийятларига) сабр қилиб туравергин!