Алоуддин Мансур — 526
53:1 Ботиб кетаётган юлдузга қасамки,
53:2 Сизларнинг соҳибингиз (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ!
53:3 Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас.
53:4 У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир.
53:5 Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир.
53:6 Соҳиби қудрат (яъни, Жаброил алайҳиссалом таълим бермишдир).
53:7 Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди.
53:8 Сўнгра яқинлашиб, пастлади.
53:9 Бас, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлиб;
53:10 (Аллоҳ) ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом)га туширган ваҳийни келтиради.
53:11 (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади. (Яъни, Жаброил фариштанинг суратини кўриб, пайғамбарнинг кўнгли ҳам қаноатланди ва унинг Аллоҳ таоло томонидаи фаришта эканлигига иймон келтирди).
53:12 Энди сизлар, (эй мушриклар, пайғамбар) кўриб турган нарсаси устида у билан тортишурмисизлар?!
53:13 Қасамки, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор кўрди.
53:14 (Жаннат) четидаги Нилуфар олдида (кўрди).[1]
53:15 Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир.
53:16 Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни, Аллоҳ таолонинг файзи илоҳийси) ўраб олган эди.
53:17 (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ.
53:18 Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк оятларини (яъни, У зотнинг қудрати илоҳийсига далолат қиладиган жуда кўп аломатларни) кўрди.
53:19 (Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — «Лот», «Уззо» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!
53:20 Ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақидачи?!
53:21 (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни «Аллоҳнинг қизлари», дейсизлар, демак) эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У зотникими?!
53:22 У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?!
53:23 У (ном)лар фақат сизлар ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом воситаларида) Парвардигор томонидан ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а!
53:24 Ёки инсон учун ўзи орзу қилган нарса бўлаверарми?! (Ҳаргиз бўлмас!)[2]
53:25 Зеро, Охират ҳам, дунё ҳам ёлғиз Аллоҳникидир!
53:26 Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур).