>

Алоуддин Мансур — 525

52:32 Балки уларнинг «ақллари» мана шундай («доно» сўзларни айтишга) буюрар?! Ёки улар туғёнга тушган қавмлар(ки, бундай сўзларни айтишларига сабаб ўша туғёнми)?!

52:33 Балки улар: «(Муҳаммад Қуръонни) ўзи ичидан тўқиб олган», дерлар?! — Йўқ, улар иймон келтирмаслар!

52:34 У ҳолда агар ростгўй бўлсалар ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз — китоб келтирсинлар-чи?!

52:35 Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?!

52:36 Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!

52:37 Балки уларнинг ҳузурларида Парвардигорингизнинг хазиналари бордир?! Ёки улар (бутун борлиқни) бошқариб тургувчимиканлар-а?!

52:38 Балки уларнинг (осмонга кўтарилиб, фаришталарнинг сўзларини) эшитиб оладиган нарвонлари бордир?! У ҳолда уларнинг эшитиб олгувчилари (ўзларининг ҳақиқатан Аллоҳнинг амридан хабардор бўлганига) бирон очиқ ҳужжат келтирсин-чи?!

52:39 (Эй мушриклар), балки қизлар У зотники-ю, ўғиллар сизларникидир?![3]

52:40 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), балки сиз улардан (ўз даъватингиз учун) ажр-ҳақ сўраётгандирсизки, улар (ўша) тўлов(ни тўлаш)дан қийналиб қолгандирлар (ва шу сабабли иймон келтирмаётгандирлар)?

52:41 Балки уларнинг ҳузурларида ғайб (илми — Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан яширган сирлари) бўлиб, улар (ўша сирларни) ёзиб олаётгандирлар (ва шу сабабли сиз келтирган хабарларга ишонмаётгандирлар?!) Асло ундоқ эмасдир! У ҳолда нега улар сизга иймон келтирмаслар?!

52:42 Балки улар (сизни ҳалок қилиш учун) бирон ҳийла-найранг қилмоқчидирлар?! У ҳолда ўша кофир бўлган кимсаларнинг ўзлари ҳийла-найрангга гирифтор бўлурлар!

52:43 Балки улар учун Аллоҳдан ўзга бирон «илоҳ» бордир?! Аллоҳ уларнинг ширкларидан покдир!

52:44 Агар улар (устларига уларни ҳалок қилиш учун) осмондан бир бўлак-парча тушаётганини кўрсалар (ўшанда ҳам иймон келтирмаслар, балки «Бу тўпланган булутдир», дерлар.

52:45 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) сиз уларни токи ўзлари ҳалок қилинадиган кунларига рўбарў бўлгунларича тарк қилинг!

52:46 У Кунда уларнинг ҳийла-найранглари бирон фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас!

52:47 Албатта золим-кофир бўлган кимсалар учун бундан (Қиёмат Кунидан) илгари мана шу дунёда) ҳам азоб-уқубат(лар) бордир, лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар!

52:48 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни, мушрикларни дарҳол азобга дучор қилмаганига ва сизни турли машаққатли синовлар билан имтиҳон қилишига) сабр қилинг. Зотан, сиз шак-шубҳасиз, Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз. Ва (тонгда уйқудан) турган пайтингизда Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни барча айб-нуқсондан) покланг![4]

52:49 Шунингдек кечадан (бўлган соатларда) ва юлдузлар юз ўгириб кетгач (яъни, саҳар пайтларида) ҳам У зотга тасбеҳ айтинг!