Алоуддин Мансур — 523
51:52 Худди шунингдек, (яъни, сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни, Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам албатта (ўша пайғамбарни ё) сеҳргар ёки мажнун, дер эдилар.
51:53 Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, (зотан улар бир-бирларидан йироқ замонларда ва маконларда яшаб ўтганлари сабабли ўзаро васият қилиш имконига эга эмаслар, лекин фақат бир нарса уларнинг барчаларини юқоридаги каби сўзларни айтишга мажбур этар) — улар туғёнга тушган қавмдирлар!
51:54 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан юз ўгиринг! Энди (зиммангиздаги пайғамбарликни тўла етказганингиздан сўнг кофирлардан юз ўгирсангиз) сиз маломат қилингувчи эмассиз.
51:55 Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур.
51:56 Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.
51:57 Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман.
51:58 Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир.
51:59 Бас, золим-кофир бўлган кимсалар учун шак-шубҳасиз, худди (илгари ўтган кофир) дўстларининг насибалари каби (азобдан иборат) насиба бордир. Бас, улар Мени(нг азобимни) шоштирмай қўя қолсинлар!
51:60 Бас, кофир бўлган кимсалар учун уларга ваъда қилинаётган (азобга гирифтор қилинадиган) Кунларида ҳалокат бўлгай!
52:1 Тур (тоғи)га қасам;
52:2 Битилган Китобга (Қуръонга) қасам;
52:3 Очиқ саҳифага (ёзилган Китобга) қасам;
52:4 Байтул-Маъмурга (Обод Уйга) қасам;[1]
52:5 Баланд кўтарилган томга (осмонга) қасам;
52:6 Ва тўлиб-тошган денгизга қасамки,
52:7 Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз, воқеъ бўлгувчидир!
52:8 Унинг учун бирон дафъ қилгувчи — тўсиқ йўқдир.
52:9 У Кунда осмон титраб-чайқалур;
52:10 Ва тоғлар ҳам (ўрнашган жойларидан жилиб), йўлга тушур!
52:11 Ана ўша Кунда (пайғамбарларни) ёлғончи қилгувчиларга ҳалокат бўлур!
52:12 Улар ўзлари шўнғиган нотўғри йўлларида адашиб юрадиган кимсалардир.
52:13 У Кунда улар жаҳаннам ўтига ҳайдалурлар!
52:14 (Ва уларга дейилур): «Сизлар ёлғон деб юрган дўзах мана шудир!»