>

Алоуддин Мансур — 522

51:31 (Иброҳим) деди: «Эй элчилар, не юмуш билан келдингиз?»

51:32 Улар айтдилар. «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига) юборилгандирмиз.

51:33 Уларнинг устидан лойдан-сополдан бўлган тошни ёғдириш учун (юборилгандирмиз).

51:34 Парвардигорнинг ҳузурида ҳаддан ошувчи кимсалар учун белгилаб қўйилган (яъни, ҳар бир ҳалок қилингувчи кофирнинг номи ёзилган тошни ёғдириш учун юборилгандирмиз).

51:35 Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик.

51:36 (Лекин) у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик.

51:37 Биз (у қишлоқдаги барча кофирларни ҳалок қилганимиздан сўнг) аламли азобдан қўрқадиган зотлар (ибрат олишлари) учун у жойда оят-аломат қолдирдик.[2]

51:38 Мусо (қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уни очиқ ҳужжат билан Фиръавн олдига юборган эдик.

51:39 У ўз аркони (давлати)га суяниб (Мусога иймон келтиришдан) юз ўгирди ва «(Мусо ё) сеҳргар, ёки мажнун», деди.

51:40 Бас, Биз уни ҳам, қўшинларини ҳам ушлаб, уларни денгизга отдик — ғарқ қилиб юбордик. У (Фиръавн ўзининг кибру ҳавоси ва куфру исёни сабабли ҳар қандай) маломатга лойиқдир.

51:41 Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни, ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик.

51:42 У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди.

51:43 Самуд (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, уларга (Аллоҳ томонидан мўъжиза қилиб юборилган туяни сўйиб юборган пайтларида) «бир вақтгача (яъни, уч кунгача тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз», дейилган эди.

51:44 Бас, улар Парвардигорнинг амри(га игоат этиш)дан кибр-ҳаво қилишгач, қараб турган ҳолларида уларни чақмоқ урди.

51:45 Бас, улар (у чақмоқдан қочиб қутулиш учун ўринларидан) туришга ҳам қодир бўлмадилар ва (бирон кимса томонидан) ёрдам олгувчи ҳам бўлмадилар!

51:46 (Мазкур қавмлардан) илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандирмиз). Чунки улар фосиқ-итоатсиз қавм эдилар.

51:47 Осмонни Биз қудрат билан барпо қилдик. Дарҳақиқат, Биз қудратлидирмиз.

51:48 Ерни эса ёйиқ-кенг қилиб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши ёйгувчидирмиз.

51:49 Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик.

51:50 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга айтинг: «Бас, Аллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман.

51:51 Ва сизлар Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор, деманглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман».