Алоуддин Мансур — 520
50:36 Биз улардан (Қурайш кофирларидан) илгари улардан кучли-қувватлироқ бўлган қанча аср-авлодни ҳалок қилдик. Бас, ўшалар (Биз бошларига туширган балодан қочиб), бирон нажот бормикан, деб шаҳарларда изғиб юрдилар, (лекин ҳалокатдан қочиб қутула олмадилар).
50:37 Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир.
50:38 Аниқки, Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратдик ва Бизни ҳеч қандай чарчоқ ушлагани йўқ.
50:39 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар (кофирлар) айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг — намоз ўқинг!
50:40 Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (яъни, намозлар) ортидан У зотни покланг!
50:41 Ва жарчи (Исрофил фаришта) яқин бир макондан туриб жар соладиган Кунда (унинг нидосига) қулоқ тутинг!
50:42 У Кунда улар (барча халойиқ) у даҳшатли қичқириқни ҳаққи-рост эшитурлар. Бу (қабрлардан тирилиб) чиқиш Кунидир!
50:43 Албатта Биз Ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Ёлғиз Бизга қайтиш бордир!
50:44 У Кунда уларнинг устидаги Ер ёрилиб, (улар) шошган ҳолларида (қабрларидан чиқиб келурлар). Бу (яъни, Қиёмат Кунида барча халойиқни ҳисоб-китоб учун тўплаш) ёлғиз Бизгагина осон бўлган тўплашдир.
50:45 Биз улар (кофирлар) айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларнинг устида (дину-иймонга) зўрлагувчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг (кофирларни азоб-уқубатга гирифтор қилиш ҳақидаги) ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг.
51:1 (Булутларни) суриб кетгувчи (шамол)ларга қасам;
51:2 Юк (ёмғир) ташигувчи (булут)ларга қасам;
51:3 (Сув юзида) енгил сузиб боргувчи (кема)ларга қасам;
51:4 Ва (Аллоҳнинг амри билан барча) иш(лар)ни тақсимлагувчи (фаришта)ларга қасамки,
51:5 сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш) шак-шубҳасиз, ҳаққи-ростдир!
51:6 Ва албатта (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб қилинганидан кейин) жазо-мукофот воқеъ бўлгувчидир.