>

Алоуддин Мансур — 52

3:16 Улар: «Парвардигоро, бизлар Сенга иймон келтирганмиз, энди Ўзинг гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра», дейдилар.

3:17 Улар сабр-қаноатли, иймонларида содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган кишилардир.

3:18 Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи — ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.

3:19 Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (Ислом ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига кофир бўлса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.

3:20 Агар Сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобеъ бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик — Унга бўйсундик», деб айтинг! Сўнг аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) омий-бутпарастлардан: «Исломга кирдингизми?», деб сўранг! Агар Исломга кирсалар, муҳаққақ Тўғри Йўлни топибдилар. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангиздаги нарса фақатгина етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.

3:21 Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирадиган ва одамлар орасидаги адолатга чақирувчи зотларни ўлдирадиган кимсаларга, албатта, аламли азоб «хушхабар»ини етказинг!

3:22 Уларнинг қилган амаллари дунёю Охиратда беҳуда кетмиш ва улар учун бирор ёрдамчи йўқдир.