>

Алоуддин Мансур — 519

50:16 Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз, — Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз.

50:17 Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар.

50:18 У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур).

50:19 Мана, ўлим мастлиги (яъни, жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочгувчи бўлган нарсадир.

50:20 (Қайта тирилишга даъват қилгувчи) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир!

50:21 Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдагувчи (бир фаришта) ва унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик бергувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди.

50:22 (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни, мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир.

50:23 Унинг (кофирнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик бергувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир».

50:24 (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (Ҳаққа қаршилик қилгувчи) қайсар, (Аллоҳнинг динига шак келтиргувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар!

50:25 Яхшиликни манъ қилгувчи, зўравонни (жаҳаннамга ташланглар!)

50:26 (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олса (яъни, ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олса), бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!»

50:27 Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ залолатда бўлди», деди.

50:28 (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли Охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман.

50:29 Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилгувчи ҳам эмасдирман».

50:30 У Кунда Биз жаҳаннамга «Тўлиб битдингми?», дермиз, у эса, «Яна қўшимча борми?», дер.[2]

50:31 Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди):[3]

50:32 «Мана шу (неъматлар) Сизларга — ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи) кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир.

50:33 Ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган дил билан келган кишиларга (ваъда қилинаётган нарсалардир).

50:34 Унга (жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу (кун) мангу (қоладиган) Кундир».

50:35 Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир.