>

Алоуддин Мансур — 518

50:1 Қоф. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Улуғ Қуръонга қасамки, (Биз сизни қайта тирилиш ҳақ эканлигидан огоҳлантиргувчи пайғамбар қилиб юборганимизда Макка аҳли иймон келтирмайди).

50:2 Балки уларга (фаришта эмас, балки) ўзларидан бўлган бир огоҳлантиргувчи келганидан ажабланиб, у кофирлар айтдилар: «Бу жуда қизиқ нарса-ку!

50:3 Бизлар ўлиб, тупроқ бўлиб қолган вақтимизда (яна ҳаётга қайтариламизми)?! Бу жуда узоқ (ақл бовар қилмайдиган) қайтишдир!»

50:4 Аниқки, Биз Ер улар(нинг жасадлари)ни камайтираётганини (яъни, жасадлари чириб тупроққа айланиб кетаётганини) билдик. Ва Бизнинг ҳузуримизда (барча нарсани ўз саҳифаларида) сақлагувчи Китоб (Лавҳул-Маҳфуз) бордир, (демак уларни қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш Биз учун қийин иш эмасдир).

50:5 Йўқ, уларга Ҳақ (Қуръон) келган вақтида уни ҳам ёлғон дедилар. Бас, улар бир ноаниқ ишга — ҳолга тушиб қолганлар. (Шунинг учун улар гоҳ Қуръонни «сеҳр» дейишса, гоҳ «шеър» дейишади, гоҳо эса «Аввалгилардан қолган афсона», дейдилар).

50:6 Ахир улар устларидаги осмонни — Биз уни қандай бино қилиб, (юлдузлар билан) безаб қўйганимизни ва унинг тешик-ёриқлари ҳам йўқ эканлигини кўрмадиларми?!

50:7 Ерни эса ёйиқ — кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ўсимлик, мевалардан) ҳар турли гўзал жуфтларни ундириб-ўстирдик.

50:8 (Парвардигорга) қайтгувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма-ибрат бўлсин учун (мана шундай қилдик).

50:9 Биз осмондан баракотли сув — ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олингувчи дон-дунларни ўстириб-ундирдик.

50:10 Ҳамда терилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни (ундириб-ўстирдик).

50:11 Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни — Ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур.[1]

50:12 Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми, қудуқ эгалари (аъни Шуъайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган бир қавм), Самуд (қабиласи) (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар.

50:13 Од (қабиласи), Фиръавн (ва унинг қавми) ва Лутнинг оға-инилари ҳам (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган эдилар).

50:14 Дарахтзор эгалари (яъни, Шуъайб пайғамбарнинг қавми) ва Туббаъ қавми ҳам (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган эдилар). (Уларнинг) барчалари пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, Менинг ваъдам (яъни, азобим уларнинг устига) ҳақ-вожиб бўлди.

50:15 Ахир Биз аввалги яратишга (яъни, йўқдан бор қилишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, (ожизлик қилмадик, демак тупроққа айланган жасадларга қайта жон ато этишга ҳам ожилик қилмаймиз), улар эса янги яралишдан (яъни, қайта тирилишдан) шак-шубҳададирлар.