>

Алоуддин Мансур — 517

49:12 Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир.[2]

49:13 Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир.[3]

49:14 Аъробийлар: «Иймон келтирдик», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар «Бўйинсундик», денглар, (чунки ҳали-ҳануз) иймон дилларингизга кирган эмасдир. Агар сизлар Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этсангизлар, У зот сизларга (қилган яхши) амалларингиздан (яъни, уларнинг савобидан) бирон нарсани камитмас. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир».[4]

49:15 Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир.

49:16 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у аъробийларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳга динингларни (иймонларингни ҳақиқий эканлигини) билдирмоқчимисизлар?! Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир!»

49:17 Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур.

49:18 Албатта Аллоҳ осмонлар ва Ердаги ғайб-сирларни билур. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир».