>

Алоуддин Мансур — 514

48:24 У (Аллоҳ) Макканинг ичида (яъни, Ҳудайбийяда) сизларни уларнинг (Макка мушрикларининг) устига ғолиб қилганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (яъни, ўрталарингизда сулҳ пайдо қилган) Зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчи бўлган Зотдир.

48:25 Улар (Макка мушриклари) кофир бўлган ва сизларни Масжидул-Ҳаромдан, ҳадя (қурбонлик қилиш учун олган ҳайвонларингиз)ни эса маҳбус бўлган ҳолида, ўз жойига етишдан тўсган кимсалардир. Агар (Маккада) сизлар билмаган мўмин кишилар ва мўмина аёллар бўлмаса эди — сизлар уларни билмаган ҳолингизда (мушриклардан деб ўйлаб) бостириб — ҳалок қилиб қўйиб, улар сабабли сизларга ор-гуноҳ етмаса эди, (Аллоҳ сизларни Маккага юриш қилишдан тўсмаган бўлур эди). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз раҳматига дохил қилиш учун (яъни, уларни мушриклар қаторида ҳалок бўлиб кетишларидан асраш учун сизларни жанг қилишдан тўсди). Агар (мўминлар) ажралиб олганларида, албатта улардан (яъни, Макка аҳлидан) кофир бўлган кимсаларни аламли азоб-ла азоблаган бўлур эдик.

48:26 Ўшанда кофир бўлган кимсалар дилларига қизиққонликни — динсизлик қизиққонлигини солганларида (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг пайғамбар эканликларини инкор этишиб, мусулмонларни Маккага киришдан тўсганларида) Аллоҳ Ўз пайғамбарининг ва мўминларнинг устига Ўз сакинат — оромини туширди ва уларга тақво калимасини (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини) лозим қилди. Улар ўша (калима)га жуда ҳақдор ва аҳл-лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир.

48:27 Қасамки, Аллоҳ Ўз пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди: албатта сизлар (эй мўминлар), иншоаллоҳ Масжидул-Харомга тинч-омон бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар. Бас, (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билиб, ундан (Макка фатҳидан) олдин яқин бир ғалабани (Хайбар жангидаги ғалабани муяссар) қилди.[4]

48:28 У (Аллоҳ) Ўз пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом)ни ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувоҳдир.