>

Алоуддин Мансур — 513

48:16 Аъробийлардан бўлган (жиҳодга чиқмасдан) қолган (мунофиқ) кимсаларга айтинг: «Яқинда сизлар куч-қувват эгалари булган бир қавм (билан жанг қилиш)га даъват этилурсизлар. (Ўшанда ё) улар билан уришурсизлар, ёки улар (жанг-жадалсиз) Исломга кирурлар. Бас, агар (ўша пайт сизларни кофир қавмга қарши жиҳод қилиш учун даъват этувчига) итоат этсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал ажр-мукофот ато этур. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек юз ўгириб кетсангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб-ла азоблар.

48:17 (Жиҳодга чиқмай қолишдан) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир. Чўлоққа хараж йўқдир, хастага хараж йўқдир (яъни, улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмаслар). Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса, У зот уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. Ким юз ўгириб кетса, уни аламли азоб-ла азоблар.

48:18 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат — ором туширди ва уларни (Хайбар жангида эришиладиган) яқин ғалаба билан мукофотлади.

48:19 Ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар (билан мукофотлади). Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган Зотдир.

48:20 (Эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ўзларингиз оладиган кўпдан-кўп ўлжалар ваъда қилди. Энди мана бу (Хайбар жангида қўлга киритадиган ўлжаларингиз)ни эса нақд қилиб қўйди ва (сизларга душман бўлган) одамларнинг қўлларини сизлар(га бирон зиён етказиш)дан тўсиб қўйди. Токи (бу неъматлар) мўминлар учун оят-ибрат бўлгай ва (Аллоҳ) сизларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгай.

48:21 Яна бошқа сизлар ҳали-ҳануз қодир бўлмаган (ўлжа)лар ҳам борки, Аллоҳ уларни (сизларнинг ўлжаларингиз эканини Ўз илми илоҳийси билан) иҳота қилиб олгандир. Аллоҳ барча нарсага қодир бўлган Зотдир.

48:22 Агар (Макка аҳлидан) кофир бўлган кимсалар (сулҳ тузиш ўрнига) сизлар билан жанг қилганларида, албатта ортларига қараб қочган бўлур эдилар. Сўнгра улар на бир дўст ва на бир ёрдамчи топарлар.

48:23 Бу, яъни мўминлар зафар топиб, кофирлар мағлуб бўлиши Аллоҳнинг йўли — қонуни бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз.