>

Алоуддин Мансур — 512

48:10 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳга байъат қилурлар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Аллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур.[2]

48:11 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳали (Мадинага қайтганингиздан кейин) сизга аъробийлардан бўлган (сиз билан бирга Умра сафарига чиқмасдан) қолган (мунофиқ) кимсалар «Бизларни мол-мулкларимиз ва аҳли-оилаларимиз машғул қилиб қўйди, (шунинг учун сен билан бирга сафарга чиқа олмадик). Энди ўзинг бизлар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрагин», дерлар. Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани — ёлғонни айтурлар. Айтинг: «Агар (Аллоҳ) сизларга бирон зиён (етказиш)ни истаса, ёки У сизларга бирон манфаат (етказиш)ни истаса, у ҳолда ким сизлар учун Аллоҳ томонидан бўлган бирон нарса(ни дафъ қилишга эга бўла олур?! Йўқ, Аллоҳ сизлар қилаётган амалларингиздан огоҳ бўлган Зотдир!

48:12 Балки сизлар пайғамбар ва мўминлар (бу сафарларидан) ўз аҳли-оилаларига ҳеч қачон қайтиб келмайдилар, деб ўйладинглар ва бу дилларингизга чиройли кўриниб, ёмон гумон қилдинглар ҳамда ҳалок бўлгувчи қавм бўлдинглар!»

48:13 Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирмаган бўлса, бас, албатта Биз ундай кофирлар учун дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз.

48:14 Осмонлар ва Ернинг мулки Аллоҳникидир, У Ўзи хоҳлаган кишиларни мағфират қилур ва Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.

48:15 Ҳали сизлар (Хайбар жангида қўлга киритган) ўлжаларини олиш учун кетаётган вақтингизда (жиҳодга чиқмасдан) қолган кимсалар: «Бизлар ҳам (ўша ўлжалардан олиш учун) сизларга эргашишимизга (йўл) қўйинглар», дерлар. Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Айтинг: «Ҳаргиз бизларга эргашмайсизлар! Аллоҳ илгари мана шундай дегандир». Энди улар: «Йуқ, сизлар бизларга ҳасад-бахиллик қилмоқдасизлар», дерлар. Йўқ, улар камдан-кам нарсаларнигина англарлар.[3]