>

Алоуддин Мансур — 51

3:10 Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ азобидан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир.

3:11 Уларнинг ҳоли худди Фиръавн одамларининг ва улардан аввал ўтган кофирларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари (куфрлари) билан ушлаб азоблади. Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир.

3:12 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «шак-шубҳасиз, (бу дунёда) мағлуб бўласизлар ва (Охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у!»

3:13 (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта, бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир.[1]

3:14 Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой — жаннат бордир. (Яъни, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ лозим).

3:15 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг Ризолиги бор. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.