Алоуддин Мансур — 508
47:12 Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар ва уларнинг жойлари дўзах бўлур!
47:13 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизни ҳайдаб чиқарган қишлоқ (яъни, Макка аҳли)дан кўра (аҳолиси) кучли-қувватлироқ бўлган қанчадан-қанча қишлоқни ҳалок қилганмиз. Бас, улар учун бирон ёрдамчи бўлмаган.
47:14 Ахир Парвардигори томонидан аниқ-равшан ҳужжатга (яъни, Қуръонга) эга бўлган киши (яъни, расуллуллоҳ ва мўминлар), қилган ёмон амали ўзига чиройли кўринган ва ҳавойи нафсига эргашган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!
47:15 Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли — сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?![2]
47:16 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларнинг (мунофиқларнинг) орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар сизга қулоқ солиб турур-да, ҳузурингиздан чиққан вақтларида, илм ато этилган зотлардан (масхара қилишиб): «Ҳозиргина (Муҳаммад) нима девди?», деб сўрарлар. Ана ўшалар Аллоҳ дилларини муҳрлаб қўйган ва ўзларининг ҳавойи нафсларига эргашган кимсалардир.
47:17 Ҳидоят топган — Тўғри Йўлга юрган зотларга эса (Аллоҳ) яна ҳидоятни зиёда ва тақво ато этур, (яъни, уларга ҳаромдан парҳез қилиш йўлларини кўрсатур).
47:18 Улар (Макка кофирлари ўтмишдаги ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган қавмлар дучор бўлган ҳалокатлардан эслатма-ибрат олмадилар), энди фақат тўсатдан (Қиёмат) соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқеъ унинг аломатлари келди. Бас, уларга (Қиёмат соати) келган вақтида уларнинг эслатма-ибрат олишлари (учун) қандай (имкон) бўлур?![3]
47:19 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезар жойларингизни ҳам, (Охиратда) борар жойларингизни ҳам билур.