Алоуддин Мансур — 506
46:29 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, Биз сизнинг олдингизда бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар.[4]
46:30 Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилгувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри Йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни — Қуръонни тингладик.
46:31 Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилгувчи (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур.
46:32 Ким Аллоҳга даъват қилгувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у Ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулгувчи эмасдир ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга (Унинг азобидан қутқаргувчи) «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар».
46:33 Ахир улар (Охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилгувчи кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот — Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро, У зот барча нарсага қодирдир.
46:34 Кофир бўлган кимсалар дўзахга кўндаланг қилинадиган Кунда (уларга): «Ушбу (азоб) ҳақ эмас эканми?!», (дейилганида), улар: «Йўқ, Парвардигоримизга қасамки, (бизларга ваъда қилинган азоб ҳақ экан)», дерлар. (Шунда Аллоҳ) айтар: «Бас, кофир бўлганларингиз сабабли мана шу азобни тотинглар!»
46:35 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек, (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг ва уларга (тушадиган азоб)ни шоштирманг. Улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрадиган Кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар! (Бу Аллоҳ томонидан нозил қилинган) бир баёнот-хабардир. Бас, фақат итоатсиз қавмгина ҳалок қилинур.