Алоуддин Мансур — 505
46:21 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Од (қабиласи)нинг биродарини (яъни, Ҳуд пайғамбарни) эсланг! Ўшанда у ўзининг қумтепалардаги қавмини: «Сизлар ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар! Мен ҳақиқатан, сизларнинг устингизда улуғ Куннинг азобидан қўрқурман», деб огоҳлантирган эди, — дарҳақиқат, ундан илгари ҳам, ундан кейин ҳам огоҳлантиргувчи (пайғамбар)лар ўтгандир;
46:22 Улар: «Сен бизларни худоларимиздан буриш (юз ўгиртириш) учун келдингми?! У ҳолда агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, Аллоҳнинг азобини) келтирган-чи?», дедилар.
46:23 У айтди: «(Азоб келар вақтнинг) билими ёлғиз Аллоҳ ҳузуридадир. Мен сизларга ўзим элчи қилиб юборилган динни етказурман. Лекин мен сизларни нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман».
46:24 Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир», дедилар. «Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир.
46:25 У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон (ҳалок) қилур. Бас, (у бўрон келиб, Од қабиласидаги кофирларнинг ўзларини ҳам, мол-ҳолларини ҳам ҳалок қилди. Барчалари қирилиб битиб), тонг отганида, фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи-осий қавмни мана шундай жазолаймиз.
46:26 Ҳолбуки, (эй Макка аҳли), Биз уларни (мол-дунё ва куч-қувват жиҳатидан) сизларни қодир қилмаган нарсаларга қодир қилган эдик ва уларга ҳам қулоқ, кўз ва диллар (ато) қилган эдик. (Лекин) улар Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини инкор этганлари учун уларга қулоқ-кўзлари ҳам, диллари ҳам бирон фойда бермади (яъни, Ҳақ йўлни кўриб-идрок қила олмадилар). Ва уларни ўзлари масхара қилиб кулган нарсалари (Аллоҳнинг азоби) ўраб олди.
46:27 (Эй Макка аҳли), аниқки, Биз сизларнинг атрофингиздаги қишлоқ-шаҳарларни ҳалок қилдик. Биз уларга шояд (куфру исёнларидан) қайтсалар, деб оят-мўъжизаларни батафсил баён қилган эдик, (лекин улар қайтмай ҳалокатга дучор бўлдилар).
46:28 Ахир ўзлари Аллоҳни қўйиб, (Аллоҳга) яқин қиладиган «худо»лар, деб ушлаб олган — сиғинган бутлари (ҳалокатдан қутулишлари учун) уларга ёрдам берсалар бўлмасмиди?! Йўқ, у (бутлар мушриклардан ёрдамга муҳтож бўлган вақтларида) ғойиб бўлиб қолишди. Бу (яъни, бутлар бутпарастларни Аллоҳга яқин қилади, деган ақида) уларнинг уйдирмаларидир ва (Аллоҳ шаънига) тўқиб олган бўҳтонларидир.