Алоуддин Мансур — 504
46:15 Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимга ҳам яхшилик қилгин (яъни, фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман», деди.[3]
46:16 Ана ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган энг чиройли амалларни қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонлик гуноҳларидан ўтиб юборурмиз. (Бу) уларга ваъда қилингувчи ҳаққирост ваъдадир.
46:17 Яна бир кимса борки, ота-онасига: «Суф сизларга! Сизлар менга (ўлганимдан кейин қайта тирилиб, қабрдан) чиқарилишим ҳақида ваъда беряпсизлар-ми?! Ҳолбуки, мендан илгари ҳам асрлар-авлодлар ўтган-ку, (улардан биронтаси қайта тирилиб келдими)?!», дер. У иккиси Аллоҳдан мадад тилаган ҳолларида (ўғилларига қараб): «Ҳалок бўлгур, иймон келтиргин! Албатта Аллоҳнинг (барча бандаларни қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир», (десалар), у: «Бу фақат аввалгиларнинг афсоналаридир», дер.
46:18 Ана ўшалар шундай кимсалардирки, уларнинг устига ўзларидан илгари ўтган инсу-жинсдан иборат (кофир) умматлар қаторида (азоб) Сўзи ҳақ бўлгандир. Албатта улар зиён кўргувчи бўлдилар.
46:19 (Мўминлар ва кофирлардан) ҳар бири учун ўзлари қилган амаллари сабабли даража-мартабалар бордир. Чунки (Аллоҳ) уларга қилган амалларини(нг мукофот ва жазоларини) комил қилиб берур ва уларга зулм қилинмас.
46:20 Кофир бўлган кимсалар дўзахга кўндаланг қилинадиган Кунда (уларга дейилур): «Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни ҳаёти дунёларингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз. Энди Бугун Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилганларингиз ва итоатсиз бўлганларингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланурсизлар».