>

Алоуддин Мансур — 503

46:6 (Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар!

46:7 Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар Ҳақ (Қуръон) тўғрисида у ўзларига келган вақтидаёқ (тафаккур қилиб кўрмасданоқ) «Бу очиқ сеҳрдир», дерлар.

46:8 Ёки улар («Қуръонни Муҳаммаднинг) ўзи тўқиб олган», дейдиларми?! Айтинг: «Агар уни ўзим тўқиб олган бўлсам, у ҳолда, сизлар мен учун Аллоҳ (азоби)дан бирон нарса(ни дафъ қилиш)га эга бўла олмассизлар (яъни, у ҳолда Аллоҳнинг Ўзи Унинг шаънига ёлғон тўқиганим учун мени ҳеч ким қайтара олмайдиган азоб билан жазолаган бўлур эди. Бас, мен сизлардан эмас, балки Аллоҳ таолодан қўрққаним сабабли сизларга Ҳақ ваҳийни келтирмоқдаман)! У сизлар киришаётган нарсани (яъни, Қуръонни «бир сеҳр, бир уйдирма» деяётганларингизни) жуда яхши билгувчидир. Унинг Ўзи мен билан сизларнинг ўртангизда етарли гувоҳдир. У мағфиратли, меҳрибон Зотдир».

46:9 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен пайғамбарлардан янги — биринчиси эмасман (яъни, мендан аввал ҳам Аллоҳнинг пайғамбарлари ўтган-ку, нега сизлар менинг пайғамбарлигимга ҳайрон бўлиб, инкор қилмоқдасизлар?!) Мен (келажакда) на ўзимга ва на сизларга нима қилинишини билмасман (яъни, ғайбдан хабардор эмасман). Мен фақат ўзимга ваҳий қилинадиган нарсага эргашурман. Мен фақат очиқ огоҳлантиргувчидирман».

46:10 Айтинг: («Эй мушриклар), хабар берингиз-чи, агар (ушбу Қуръон) Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сизлар унга кофир бўлсангизлар ва Бани Исроилдан бўлган бир гувоҳ ҳам у (Қуръон)нинг ўхшаши (ёлғиз Аллоҳ томонидангина нозил бўлиши)га гувоҳлик бериб, иймон келтирса-ю, сизлар (унга иймон келтиришдан) кибр-ҳаво қилсангизлар (яъни, сизлар энг золим одамлар бўлиб қолмайсизларми?!) Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас!»[1]

46:11 Кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотлар ҳақида «Агар (бу Қуръон) яхши бўлганида, (анави ялангоёқлар) унга бизлардан илгари бормаган бўлур эдилар», дедилар. Улар ўзлари (Қуръон) билан ҳидоят топишмагач: «Бу эски уйдирмадир», дерлар.[2]

46:12 У (Қуръон)дан илгари Мусонинг пешво ва раҳмат бўлган Китоби (Таврот) бор эди. Бу (Қуръон) арабий лисондаги, (ўзидан аввал нозил бўлган барча илоҳий китобларни) тасдиқлагувчи бир Китобдир. У золим-кофир бўлган кимсаларни (Охират азобидан) огоҳлантириш учун ва чиройли амал қилгувчиларга (жаннат ҳақида) хушхабар бўлиш учун (нозил қилингандир).

46:13 Албатта «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деган, сўнгра (Тўғри Йўлда) устивор бўлган зотлар учун хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар.

46:14 Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда мангу қолурлар. (Бу) улар қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.