Алоуддин Мансур — 502
45:33 (Мана энди) уларга қилиб ўтган ёмонликлар ошкор бўлди ва ўзлари масхара қилиб ўтган (азоб) уларни ўраб олди!
45:34 Ва (уларга) дейилди: «Худди сизлар мана шу бугунги кунингиздаги учрашувни унутганларингиздек, Биз ҳам бугун сизларни «унутурмиз». Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизлар учун дўзах азобидан қутқарувчи ёрдамчилар ҳам йўқдир!
45:35 Бунга сабаб — сизлар Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олган эдинглар ва сизларни ҳаёти дунё алдаб қўйган эди. Бас, бугун улар (дўзахдан) чиқарилмаслар ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас.
45:36 Бас, барча ҳамду сано осмонлар Парвардигори, Ер Парвардигори, бутун оламлар Парвардигори — Аллоҳ учундир.
45:37 Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир!
46:1 Ҳо, Мим.
46:2 (Бу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.
46:3 Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ (қонун) (Қиёмат Кунигача) белгаланган муддат билан яратдик. Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни, Охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар (уни инкор қилгувчидирлар).
46:4 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар берингиз — менга кўрсатинглар-чи, улар Ердан нимани яратганлар?! Агар ростгўй бўлсангизлар, менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни, аввалги уламолардан қолган биронта аниқ ҳужжатни) келтиринглар!»
46:5 Аллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!