>

Алоуддин Мансур — 501

45:23 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!

45:24 Улар (яъни, Қиёматни инкор қилгувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос.

45:25 Қачон уларга (қайта тирилиш ҳақлиги тўғрисидаги) Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, уларнинг (бу оятларга қарши) «ҳужжатлари» фақат: «Агар ростгўй бўлсангизлар, ота-боболаримизни (тирилтириб) келтиринглар-чи», дейишларигина бўлур.

45:26 Айтинг: «Аллоҳ сизларга ҳаёт берур, сўнгра (ажалларингиз етгач) ўлдирур, сўнгра сизларни ҳеч шак-шубҳасиз, (келадиган) Қиёмат Кунига тўплар. Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмаслар»!

45:27 Осмонлар ва Ердаги бор мулк Аллоҳникидир. (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда — ана ўша кунда бузғунчи кимсалар зиён тортурлар!

45:28 (У Кунда) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи-аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар.

45:29 Мана бу китобимиз (яъни, Бизнинг амримиз билан ёзилган номаи-аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизлар қилгувчи бўлган барча амалларингизни (ушбу номаи-аъмолга) кўчириб қўйгандирмиз».

45:30 Бас, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга келсак, уларни Парвардигор Ўз раҳмати-жаннатига дохил қилур. Бу очиқ бахтнинг ўзидир!

45:31 Энди кофир бўлган кимсаларга келсак, (бас, уларга айтилур): «Ахир сизларга Менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сизлар (у оятларга иймон келтирмасдан) кибру-ҳаво қилдинглар ва жиноятчи қавм бўлдинглар!»

45:32 Қачон (сизларга): «Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, (Қиёмат) соати шак-шубҳасиз, (келгувчидир)», дейилса, сизлар: «Биз у соат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат соати келишига) аниқ ишонгувчи эмасмиз», дединглар.