Алоуддин Мансур — 500
45:14 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), иймон келтирган зотларга айтинг, улар Аллоҳ (ваъда қилган ҳисоб-китоб) кунларидан ноумид бўлган кимсалар етказаётган озор-азиятлар)ни кечириб юбораверсинлар. Токи (Аллоҳ ўша озорларга сабр-тоқат қилган) қавмни касб қилган нарсалари (яъни, кечириб юборганликлари) сабабли мукофотлагай!
45:15 Ким бирон яхшилик қилса, бас, ўзи учун (яъни, ўз фойдасига қилган) бўлур, ким ёмонлик қилса, бас, ўз зиёнига (қилган) бўлур. Сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар.
45:16 Дарҳақиқат, Биз Бани Исроил (қавми)га Китоб — Таврот, ҳикмат ва пайғамбарлик ато этдик ва уларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирдик ҳамда уларни (ўз замонларидаги) барча оламдан устун қилдик.
45:17 Яна Биз уларга (дин) ишлари ҳақида аниқ-равшан ҳужжатлар ато этдик. Бас, улар ихтилоф қилмадилар, магар уларга (Биз томонимиздан дин ҳақида) илм-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (талашиб-тортишдилар). Албатта Парвардигорингиз Қиёмат Кунида уларнинг ўрталарида ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида ҳукм қилур.[1]
45:18 Сўнгра (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни (дин) ишидан бир шариат (аниқ-равшан йўл) устида (барқарор) қилдик. Бас, сиз (фақат мана шу йўлга) эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!
45:19 Чунки, (агар сиз уларнинг ҳавойи нафслари кўрсатган залолат йўлига юрсангиз,) улар сиздан Аллоҳ томонидан бўлган бирон нарсани (азобни) қайтара олмаслар. Албатта золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ эса тақводор зотларнинг дўстидир.
45:20 Ушбу (Қуръон барча) одамлар учун (равшан) кўрсатмалардир ва аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.
45:21 Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни, дунёлари ҳам, Охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!
45:22 Аллоҳ осмонлар ва Ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазоланиши учун ҳақ (қонун ва низом) билан яратди.