Алоуддин Мансур — 5
2:25 Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар.[6]
2:26 Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?», дейдилар. Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади. Бу масал сабаб фақат фосиқ кимсаларнигина адаштиради.[7]
2:27 Улар Аллоҳга берган аҳдни мустаҳкам боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ муҳофаза қилишни буюрган боғларни узадиган кимсалардир. Ана ўшалар, ҳақиқий зиён кўргувчилардир.[8]
2:28 Аллоҳни қандай инкор қиласиз? Ҳолбуки, У (дунёга келмасингиздан олдин) жонсиз эдингиз сизга жон ато этди, сўнгра сизни ўлдириб, яна қайта тирилтиради ва ниҳоят яна Унга қайтажаксизлар.
2:29 У шундай зотки, сиз учун Ердаги барча нарсани яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани билгувчидир.