>

Алоуддин Мансур — 499

45:1 Ҳо, Мим.

45:2 (Бу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир.

45:3 Шак-шубҳасиз, осмонлар ва Ерда мўминлар учун (Аллоҳнинг қудрат ва ҳикматига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир.

45:4 Яна сизларнинг (бир томчи сув-нутфадан) яралишингизда ва (Аллоҳ Ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

45:5 Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида «ўлган» Ерни тирилтирган ризқ-ёмғирда ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

45:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, Биз уларни сизга ҳаққи-рост тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб қайси сўзга иймон келтирурлар?!

45:7 Барча бўҳтончи-ёлғончи гуноҳкорга ҳалокат бўлғайки;

45:8 У ўзига тиловат қилинаётган Аллоҳ оятларини эшитар, сўнгра гўё уларни эшитмагандек, кибру ҳаво қилган ҳолда (ўз куфрида) оёқ тираб турар! Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз унга аламли азоб хушхабарини беринг!

45:9 Қачон Бизнинг оятларимиздан бирон нарса билиб олса, у (оят)ларни масхара қилур! Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир!

45:10 Уларнинг ортида жаҳаннам бор! Касб қилган-топган (мол-дунё, бола-чақалари) ҳам, Аллоҳни қўйиб ушлаган «дўстлари» ҳам уларга бирон нарсада асқотмас! Улар учун улуғ — катта азоб бордир!

45:11 Ушбу (Қуръон иймон келтирган зотлар учун) ҳидоятдир. Парвардигорларининг оятларига кофир бўлган кимсалар учун эса ашаддий азобдан аламли насиба бордир!

45:12 Аллоҳ (денгиздаги) кемалар Ўзининг амри билан жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйинсундириб қўйган Зотдир.

45:13 У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.