>

Алоуддин Мансур — 498

44:40 (Ҳақ билан ботилнинг) ажралиш Куни (яъни, Қиёмат Куни) барчаларининг (инсонларнинг) ҳисоб-китоб вақтидир.

44:41 У Кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.

44:42 Магар Аллоҳ раҳмат қилган кишиларгагина (ёрдам берилур). Албатта Унинг Ўзигина қудратли ва меҳрибондир.

44:43 Албатта (дўзахнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти

44:44 гуноҳкорнинг таомидир.

44:45 (У таом) мисоли қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир!

44:46 Қайноқ сувнинг қайнаши каби!

44:47 (Дўзах фаришталарига): «Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар,

44:48 сўнгра боши устидан қайноқ сувдан — азобдан қуйинглар!», (деб амр этилур).

44:49 (Унга масхара қилиш учун: «Мана бул азобни) тотиб кўргин! Дарҳақиқат, сенинг ўзинггина «қудратли ва улуғдирсан».

44:50 Дарвоқеъ, бу (азоб) сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шак-шубҳа қилган нарсангиздир!», (дейилур).

44:51 Албатта тақводор зотлар (у Кунда) осойишта жойда,

44:52 боғлар ва чашмалар устида бўлурлар.

44:53 Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида ипак-шойидан либослар кийиб (ўлтирурлар).

44:54 Мана шундай! Яна Биз уларга оҳукўз ҳурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз.

44:55 Улар у жойда тинч-хотиржам бўлган ҳолларида (хизматкорлардан) барча мева-чевани чақирурлар.

44:56 Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни, ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар. (Аллоҳ) уларни дўзах азобидан сақлагандир.

44:57 (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган фазлу марҳаматдир. Мана шу улуғ бахтдир.

44:58 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, шояд улар эслатма-ибрат олсалар, деб Биз (бу Қуръонни) сизнинг тилингиз билан осон-енгил қилиб бердик. (Лекин улар Қуръон панд-насиҳатларини қабул қилмадилар).

44:59 Бас, энди сиз (уларнинг ҳоллари не кечишига) кўз тутинг! Улар ҳам албатта (сизнинг ҳалокатингизга) кўз тутгувчидирлар.