Алоуддин Мансур — 497
44:19 «Ва Аллоҳга кибру ҳаво қилманглар! Албатта мен сизларга (ўзимнинг ҳақ пайғамар эканлигимга) очиқ-равшан ҳужжат (мўъжизалар) келтирурман».
44:20 (Шунда Фиръавн ва унинг қавми Мусони ўлдириш билан таҳдид солганларида у деди): «Албатта мен Парвардигорим ва Парвардигорингиздан сизлар мени тошбўрон қилишларингиздан паноҳ сўраганман, (демак сизларнинг таҳдидларингиздан қўрқмайман).
44:21 Агар менга иймон келтирмасангизлар, у ҳолда мени холи қўйинглар!»
44:22 Бас, у Парвардигорига «Дарҳақиқат, улар жиноятчи қавмдир (яъни, Ўзинг уларнинг жазоларини бергин»,) деб дуо қилди.
44:23 Бас, (Аллоҳ Мусога ваҳий юбордики,) «Бандаларим (яъни, Бани Исроил қавми) билан бирга тунда йўлга чиққин! Албатта, сизларнинг изингизга тушилур (яъни, Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур).
44:24 Ва денгизни сокин (яъни, сизлар ўтаётганда иккига бўлинган эди, ана ўша ҳолида) қўявергин (ва Фиръавн ўз қўшини билан ундан ўтиб олишидан қўрқма). Шак-шубҳасиз, улар ғарқ қилингувчи қўшиндир».
44:25 Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни,
44:26 экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар!
44:27 Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар)!
44:28 Мана шундай! Биз у (неъматларни бошқа) бир қавмга мерос қилиб бердик!
44:29 Бас, уларга осмон ҳам, Ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмади!
44:30 Дарҳақиқат, Биз Бани Исроилга хор қилгувчи азобдан нажот бердик.
44:31 — Фиръавндан (нажот бердик). У ҳақиқатан, мутакаббир, ҳаддан ошувчилардан эди.
44:32 Дарҳақиқат, Биз уларни (Бани Исроил қавмини) билган ҳолимизда (ўз замонларидаги барча) оламлар — одамлардан танлаб олдик — афзал қилдик.
44:33 Ва уларга оят-мўъжизалардан (денгизнинг қоқ ўртасидан бўлиниши, осмондан ризқу рўз ёғилиши каби) нарсаларни ато этдикки, уларда (тафаккур қилгувчи учун) очиқ имтиҳон-синов бордир.
44:34 Албатта ана улар (яъни, Қурайш кофирлари дерларки:
44:35 («Ўлим) фақат биринчи ўлимимиздир ва бизлар қайта тирилгувчи эмасмиз.
44:36 Бас, агар («Охират ҳаёти ҳам бор», деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар, (ўлиб кетган) ота-боболаримизни (қайта тирилтириб) келтиринглар-чи?», дерлар.
44:37 Улар (куч-қувватда) яхшироқми ёки Туббаъ қавми ва улардан аввалги кимсаларми?! Биз уларни ҳалок қилдик. Чунки улар жиноятчи — осий эдилар.[5]
44:38 Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ.
44:39 Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.